Cost-Movies.Ucoz.coM
Cost-MovieS.Ucoz.CoM
Payshanba, 2024-12-05,   5:06 AM   Приветствую Вас, Гость | RSS
Главная » 2011 » Avgust » 17 » Мустаҳкам никоҳнинг 15 белгиси
7:40 PM
Мустаҳкам никоҳнинг 15 белгиси


Нега айрим никоҳлар бир умрга давом этадию, бошқалари бир-икки йилда барҳам топади? Ушбу муаммони мутахассислар обдон ўрганиб чиқишган. Қуйида уларнинг тадқиқот натижалари билан танишасиз. Агар келтирилган бандлардан аксарияти сизнинг оилавий ҳаётингизда ҳам мавжуд бўлса, табриклаймиз! Демак, сизнинг оилангиз тинч-тотув ва мустаҳкам.

1. Узоқ аразламайсиз. Агар эрингиз билан қизғин жанжалдан икки дақиқа ўтар-ўтмас ярашишга шошилсангиз, бу сизнинг фазилатингиз. Узоқ аразлашмай, зиддиятни тезда унутадиган жуфтликларнинг оилавий ҳаёти бардавом этади. Аммо ярашишга ҳар икки томон бирдек тайёр туриши шарт эмас. Яъни эрингиз оғир, босиқ, ақл билан иш кўрадиган инсон бўлса, озгина араз ва ноз қилсангиз бўлади.

2. Интернет ишқибози эмассиз. Шундай факт бор: ижтимоий тармоқлар ва танишув сайтлари бугун дунёда ажрашаётган оилаларнинг учдан бирига сабаб бўлмоқда. Тан олинг, ўн йил олдинги илк муҳаббатини «Одноклассники» сайтида учратгач, «ёшликни эслаб туриш» истагидан воз кечиш жуда мушкул. Бироқ бунинг оқибати ёмон бўлиши мумкин. Маслаҳат шуки, агар юқорида тилга олинган сайтнинг фаол иштирокчиси бўлсангиз, қачон, ким билан ва нима ҳақида гаплашганингизни турмуш ўртоғингиздан сир тутманг. Сирлар бошланган жойда оилангизнинг хотиржамлиги тугайди.

3. Ақл билан иш тутасиз. Айтишларича, фақат аҳмоқлар ақлини йўқотар даражада сева олишармиш. Баҳсли фикр. Чунки ақлли инсонларгина никоҳ мустаҳкамлигини сақлаб туришлари мумкин. АҚШда ўтказилган тадқиқотлардан маълум бўлишича, эр-хотин қанчалик ақлли бўлса, ажрашиш хавфи шунчалик кам бўларкан. Демак, китоб ўқиш, кроссворд ечиш ёки ўзаро ақлли суҳбатлар қуриш никоҳингизнинг умрини узайтиради.

4. Ўзингиз қарор қабул қиласиз. Дейлик, эрингиз билан жанжаллашиб қолдингиз. Агар бувингиздан маслаҳат сўрасангиз: «Эр — ярим пир, дегани. Айтганини қил!» дейишлари тайин. Онангиз эса унга сўзсиз бўйсунмасангиз ҳам, ақл ва макрни ишга солишни тавсия этади. Дугонангиз билан маслаҳатлашиб, эрни «гаҳ» деса қўлга қўнадиган қилиш борасидаги маслахатларини тинглашингиз мумкин. Кўриб турганингиздек, ҳар бир авлоднинг ўз тажрибаси ва шунга таянган ҳолда чиқарган хулосаси бор. Аммо бу фикрларнинг бари субъективдир. Ҳеч ким сизнинг муаммонгизни сизчалик яхши билмайди. Бировнинг маслаҳатига кўр-кўрона амал қилмай, фақат уларни эътиборга олган ҳолда, лекин вазиятдан келиб чиқиб ўзи қарор қабул қиладиган аёллар шахсий ҳаётда бахтлироқ бўладилар.

5. Биргаликда куласиз. Кулгу стресс гормонларини камайтиради. Натижада орадаги ғубор кўтарилади. Агар муносабатларингиз таранглашиб бораётганини сезсангиз, биргаликда бирор яхши кинокомедияни томоша қилинг ёки кулгу усталарининг концентларига боринг.

6. Умумий мақсадингиз бор. Баъзан эркак кишига «фалон ишни қилинг» эмас, «келинг, шуни бирга қилайлик» деган маъқулроқ. Аввало, муштарак мақсадлар яқинлаштиради. Қолаверса, эркакларда жамоа бўлиб ишлаш, ўзаро келишиш ҳислари кучли ва бундан унумли фойдалансангиз бўлади. Масалан, эрингизни чекишни ташлашга мажбур қила олмаяпсиз. Сиз буни фақат турмуш ўртоғингизнинг эмас, бутун оилангизнинг муаммоси сифатида қабул қилинг. Жуфтингизни бунга ишонтиринг. Ўйлаб кўрсангиз, бунинг учун етарлича далиллар топасиз. Кейин бу ёмон одатдан қутулиш ишларини бирга бошланг. Ишонинг, бунинг учун сиздан ҳам анча меҳнат ва сабр талаб қилинади.

7. «Хўп» дейсиз. Айрим руҳшунослар эр-хотиннинг суҳбатини бир неча дақиқа тинглаб туриб, бу оиланинг келажаги нима бўлишини аниқ айтиб бера олар эканлар. Бунинг сири оддий: эр-хотин қанча кўп «хўп», «ҳа» сўзларини ишлатиб, ижобий жумлаларни айтсалар, бир-бирларини шунчалик осон тушунарканлар. Агар ҳар бир жумлани «йўқ, олдин сиз мени эшитинг!» шаклида бошласангиз, бу хавфли белгидир.

8. Уйингиз шинам ва чиройли. Уйдаги жиҳозларнинг кўркам ва қулайлиги, ҳар жойда кўзни қувнатадиган, гўзал буюмларнинг бўлиши, умуман, уйингизнинг шинам, чиройли ва озодалиги кайфиятингизга ижобий таъсир этиб, асабларингизни тинчлантириши факт. Масхатим, атрофингизга танқидий назар ташланг.

9. Ишдаги аламингизни турмуш ўртоғингиздан олмайсиз. Тадқиқотларга кўра, шифокорлар ва педагоглар касб тақозосига кўра ишдаги муаммоларини кўнглига энг яқин оладиган инсонлар экан. Бу ҳол уларни ҳам жисмонан, ҳам маънан толиқтиради. Бошқа касбларнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор. Аммо эшикдан уйга кираётиб, ишдаги муаммоларни ташқарида қолдиришга, турмуш ўртоғингиз ва болаларингизга кулиб қарашга куч топинг. Китобнинг янги саҳифасини очгандек, уйда иш мавзусини ёпиб, оилавий ҳаётдан лаззатланиш керак.

10. Бир-бирингизни сўзсиз тушунасиз. «Ўхшатмасдан учратмас», ёки «Бирга яшайвериб, бир-бирига ўхшаб кетишган» деган жумлаларни эшитгансиз. Бирга узок йил бахтли яшаётган эр-хотин ҳатто жумлаларни ҳам бир хил тузиб, бир хил фикрлай бошлашаркан. Баъзида онамиз дадамизнинг биргина қарашиданоқ унинг нима истаётганини англаб олишади. Бу кўп йиллик ҳамжиҳат ва бахтли оилавий ҳаёт натижасидир. Ҳаракат қилсангиз, сиз ҳам шу даражага етасиз.

11. Табассумни канда қилмайсиз. Олимларнинг аниқлашларича, кўп табассум қиладиган, фотосурат ва видеотасвирларга жилмайиб суратга тушадиган инсонларнинг оилаларида ажрашиш ҳоллари кам кузатилар экан. Чунки табассум қилган киши аввало ўзини бахтли ҳисоблайди, қолаверса, бу туйғуни атрофдагиларга ҳам улашади. Бу асло енгилтаклик эмас. Ахир, қайноналар келинларига «чеҳрангизни очиб юринг» деб бежизга айтишмайди-ку!

12. Яхши ухлайсиз. Биргина тунни уйқусиз ўтказиб кўринг. Кун бўйи қилган ишингизнинг тайини бўлмай, тушкун кайфиятда юрасиз. Борди-ю бир неча тунни уйқусиз кечирсангиз, бу атрофдагилар билан муносабатларингизнинг таранглашишига олиб келиши мумкин. Тўғри, ўзбек аёллари болалари, эри, қанона-қайнотасининг хизматидан ортса, ухлайди, бўлмаса, бир мизғиб олса ҳам етади. Лекин замонамиз шиддати, стресслар оқимининг кучайганлиги миянинг тўлиқ дам олишини тақозо этади. Қанча кам ухласангиз, чеҳрангиз шунчалик сўлғин бўлади. Эрингизга ҳам эътибор бера олмайсиз.

13. Жуфтингизга беэътибор эмассиз. Тўғри, ишингиз кўп, ташвишларингиз бошдан ошиб ётибди. Ҳозир эрингизни эркалаб ўтиришга на вақтингиз, на ҳушингиз бор. Аммо у ҳам тирик жон. Унга ҳам меҳр, эътибор, ширин сўз ва эркалашлар керак. Кўпчилик аёллар жуфтларини «бу киши ҳам менинг болам», деб бекорга айтишмайди. Эркак кишига фарзандингизчалик бўлмаса-да, мунтазам эътибор беришингиз керак. Бўлмаса, бошқа эътибор берадиганлар топилиб қолади…

14. Ундан ёрдамингизни аямайсиз. Эр-хотиннинг бир-бирига ёрдамга тайёр туриши мустаҳкам оила гарови. Олайлик, эр — оиланинг моддий таъминотчиси, хотин эса — оила қўрғонининг бекаси, уни сақловчи ва ҳимояловчи инсон. Одатда, шундай. Аммо тақдир тақозоси билан шундай бўлмаган, вазифалар бир оз бошқача тақсимланган ҳолларда ҳам, эр-хотиннинг бир-бирига ёрдамга тайёр тургани мақсадга мувофиқ.

15. Раҳмат айтишни унутмайсиз. Агар бирор ишингизни мақтасалар ёки сизга миннатдорчилик билдирсалар, ёқади. Шундайми? Бу кайфиятингизни бир неча кунга кўтариши мумкин. Аммо бир неча йилдан бери ёнма-ён яшаб келаётган эр-хотин бир-бирларини мақташни ва раҳмат айтишни унутиб қўядилар. Агар жуфтингизни бирор иши учун мақтасангиз ва унга миннатдорчилик билдирсангиз, у чин дилдан хушнуд бўлади. Эртага бу ишини яна такрорлагиси келади.

Хулоса. Бахтиёрлар бир-бирларига ўхшашади, аммо ҳар ким ўзича бахтсиз бўлади, деган гап бор. Биз юқорида бахтли оилаларда кузатилган умумий жиҳатларни бир тизимга солиб келтирдик. Умид қиламизки, сизнинг оилангиз ҳам шулар сирасига киради. Кирмаса, киритиш ҳаракатини бошланг. Бу балки осон кечмас, аммо натижа меҳнату машаққатларингизни оқлайди. Зеро, аёл учун оиласи тинч, хонадони файзли бўлишидан ортиқ мақсад ҳам, бахт ҳам йўқ.

Саҳифа доимий экспертимиз — психология фанлари номзоди, доцент Раъно АСОМОВА тавсиялари асосида тайёрланди.
Категория: █☆█Статья | Просмотров: 1091 | Добавил: makidonsky | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]